
– Қорабоғ ўйлари – Афғонистон энди “Бермуд учбурчаги” эмас – Янги Наманган таассуротлари – “Шлагбаунистон” энди йўқ! – Тараққиётнинг бош мезони Миллат эркинлигидир ёҳуд ўзига, танлаган йўлига ва халқига ишонган Лиде�…
– Қорабоғ ўйлари
– Афғонистон энди “Бермуд учбурчаги” эмас
– Янги Наманган таассуротлари
– “Шлагбаунистон” энди йўқ!
– Тараққиётнинг бош мезони Миллат эркинлигидир ёҳуд ўзига, танлаган йўлига ва халқига ишонган Лидер эркинлик бера олади!
Қорабоғ узра тинчлик шамоли
Ҳар сафар касбим тақозосига кўра ўзга юрт тупроғига қадам босар эканман, журналистика мен учун шунчаки хизмат сафари эмас, балки тафаккурни янгилайдиган, сиёсий қарашларни бойитадиган руҳий ва интеллектуал сафарлар эшигини очадиган ҳақиқий ҳаёт мактаби эканини ҳис қиламан. Зеро, сафар шунчаки бир жўғрофий манзилдан иккинчисига кўчиш ёки масофаларни босиб ўтиш эмас, балки инсон руҳияти ва тафаккурини тарбиялайдиган жараёндир. Бу ҳақиқатни ҳазрат Алишер Навоий шундай ифода этганлар: оқмасдан бир жойда тўпланиб турганда лойқаланиб қоладиган сув каби муайян қолип ва чегараларга қамалиб яшаган инсоннинг ҳам фикрлаш доираси тор ва маҳдуд бўлиб қолаверади. Доимий ҳаракатда бўлган чашма суви ҳамиша шаффоф бўлганидек, дунёни кузатган, турли маданиятлар билан юзлашган инсонгина борлиқни, ҳаётнинг асл моҳиятини англаб етади.
Азизлар, ушбу постимда мен сизлар билан сўнгги икки-уч ойда кўрган-кечирганларим билан ўртоқлашаман. Қизиқ бўлса ўқинг. Хусусан, Озарбайжондаги ўйларим, Намангандаги кўрганларим, Афғонистон ҳақида билганларимни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.
Мана, қарийб тўрт йилдан бери Қорабоғнинг Шуша шаҳрида ўтказиладиган, 54 мамлакатдан 160 нафар медиа вакилини бирлаштирган халқаро медиа форумда мунтазам иштирок этиб келмоқдаман. Бу сафар мафтункор Бокудан Фузулий шаҳри орқали Шушага элтувчи қарийб 60 километрлик йўлни ўз хаёлларим билан ёлғиз босиб ўтдим. Қадим тоғлар орасидан, ям-яшил адирлар орасидан ўтарканман, урушнинг оғир жароҳатларини бошидан кечирган бу замин сукунати кишига бошқача таъсир қилади. Йўл-йўлакай бинолардаги “MINA YOХDUR” деган ёзув ТИНЧЛИК инсоният учун ҳар қандай моддий бойлик ва сиёсий амбициялардан устун бўлган олий қадрият эканини эслатади. Зеро, тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт ва келажак ҳам бўлмайди.
Халқаро форумда Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон томонидан Қорабоғнинг Фузулий шаҳрида биринчи ижтимоий объектлардан бири Мирзо Улуғбек номидаги мактаб барпо этилиши Озарбайжонга дўст давлатлар орасида амалга оширилган биринчи қардошлик ёрдамидир дея алоҳида эътироф этди.
Форумнинг иккинчи куни турли давлатлардан келган журналистлар билан суҳбатлашар эканмиз, аксарият хорижлик ҳамкасбларимиз Ўзбекистондаги янгиланишлар ва ислоҳотлардан яхшигина хабардорлигини билдирди. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори изчил ортиб бораётганидан далолат беради. Айни шу суҳбатлар асносида глобал геополитик жараёнлар ҳақида мулоҳаза юритдим. Қорабоғ ҳақидаги ўйлар менга яна бир ҳақиқатни англатди, яъни минтақада тинчлик қарор топиши билан геосиёсий қарашлар ҳам ўзгаради. Мазкур тарихий ҳақиқат бугун қўшни Афғонистон мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Афғонистон энди “Бермуд учбурчаги” эмас
Яқин-яқинларгача ўзбек матбуотида қўшни Афғонистон асосан хавф-хатар, нотинчлик, улкан муаммолар гирдобига кўмилган, “жафокашлик” тамғаси босилган ҳудуд сифатида тасвирланар эди. Биринчи маъмурият даврида Афғонистонга нисбатан муносабат ўта эҳтиёткорлик ва чекланган алоқалар тамойили асосида шаклланган эди. Бунинг натижасида икки қўшни давлат ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари тўлиқ ишга солинмаган, муносабатлар асосан хавфсизлик нуқтаи назаридан баҳоланган эди. Сал қолганда Термиз лабидаги қадим Аму устидаги Ҳайратон кўприги ҳам портлатиб юборилар эди. Бугун эса Афғон юрти янги транспорт йўлаклари, савдо, инвестиция ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим бўғини сифатида тилга олинмоқда.
Афғонистон ҳақида нафақат хавфсизлик жиҳатидан,балки иқтисодий ҳамкорлик, транспорт йўлаклари ва минтақавий интеграция нуқтаи назаридан ҳам фикр юритилмоқда.
Тўлиқ ўқиш учун: https://telegra.ph/MILLAT-EHRKINLIGIGA-TAYANGAN-TARA%D2%9A%D2%9AIYOT-J%D0%8ELI-07-24
Manba: Telegram


