1. Boş sahifa
  2. Yangiliklar

Диққат, диққат, Тошкентдан гапирамиз!

3 daqiqa öqiladiMatbuot xizmati
Ikki universitet rektorlari hamkorlik memorandumini imzolamoqda

Бугун Бутунжаҳон халқаро радио куни. Бу ҳар куни эфирга чиқиб, одамлар билан чинкўнгилдан, чиндилдан суҳбатлашадиганларнинг касб байрамидир. Радио – бу мосламалар ёки форматлар ҳақида эмас. Бу ОВОЗ ҳақида. ИНТОНАЦИЯ…

Бугун Бутунжаҳон халқаро радио куни. Бу ҳар куни эфирга чиқиб, одамлар билан чинкўнгилдан, чиндилдан суҳбатлашадиганларнинг касб байрамидир. Радио – бу мосламалар ёки форматлар ҳақида эмас. Бу ОВОЗ ҳақида. ИНТОНАЦИЯ ҳақида. Эфирнинг нариги – тингловчилар томонида сени кутишаётгани ва сенга ишонишлари ҳақида. Радиони кўз ёки қулоқ билан эмас, қалб билан тинглашади ва шунинг учун бу ерда самимийлик ва тингловчига ҳурмат, айниқса, муҳимдир.

Ўзбекистонда биринчи радиоэшиттириш станцияси 1927-йил 4-февралда Тошкентда иш бошлаган ва бу йил 99 йил тўлди.

Радио бошловчисининг овози эрта тонгда – одамлар ишга шошаётганда, кундузи – ҳар хил қийинчилик ва ташвишлар кўпайганда ва тунда – инсон ёлғиз қолганда баралла янграйди. Радионинг овози асло чалғитмайди. У шунчаки сиз билан ҳар доим ёнма-ён. Агар радио ҳақида медиа сифатида эмас, балки ғоя сифатида гапиришга уринсак, унда радио бу инсоннинг замон ва макон билан мулоқотидир.

Қачонлардир радио одамларни радиоприёмниклар атрофида тўплаган. У умумий ритм, умумий нафас, умумий “воқелик”ни белгилаб берган. Радио орқали бутун мамлакат сўзлашарди – биз эса ТИНГЛАШНИ, тушунишни, ҳамфикр бўлишни ўрганганмиз.

Бугун дунё ўзгарди. Медиа оламга жаноби ИНТЕРНЕТ шовқин ила ёриб кириб келди. Масофа узайди, тезлик ошди, инсон кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта маконда – жисмоний, рақамли, ички маконларда яшайди. Бир вақтнинг ўзида биз кўп нарсани кўрамиз, лекин тобора камроқ эшитишга ҳаракат қиламиз.

Хўш, интернет энди радиони ўлдирадими?

Радио – шошма-шошарликсиз, хотиржам тинглаш мумкин бўлган медиадир. Ва айнан шунинг учун бугунги кунда радио алоҳида қадрли бўлиб бормоқда. У нигоҳ талаб қилмайди, диққатни бўлмайди, шоширмайди. У шунчаки ёнимизда бўлиб, инсонга ўзлигича қолишига имкон беради.

Ўзбекистон радиосининг катта ва ёркин тарихи бор. У бир неча ўнлаб йиллардан бери турли даврларни, ўзгаришларни ва авлодларни бошдан кечириб янграб келмоқда.

Радио – экранлар орқали эмас, овоз орқали узатиладиган хотирадир. Ва бугун бу овоз мамлакатимиз сарҳадларидан анча узоқларда ҳам янграмоқда.

Ўзбекистон радиоси чегаралар ва қитъаларни кесиб ўтди. У ватандошларимиз ишлаётган, келажак қураётган, ўз оилалари ва ҳаётлари учун масъулиятни зиммасига олган жойларда янграйди. Буни айниқса Америка Қўшма Штатларидаги ўзбекистонлик юк машинаси – "track" ҳайдовчилари чуқур ҳис қилишади. Минглаб километр йўллар, тунги трассалар, кабинадаги ёлғизлик ва улкан масъулият. Ва бу катта маконда бирдан қадрдон овоз, таниш тил, ўз мусиқаси пайдо бўлади. “Радио Track” бундай дақиқаларда шунчаки эфирга айланиб қолмайди – у қалбан уйга қайтишга, Ватан билан алоқага, таянч нуқтаси ва хотиржамликка айланади.

Келажакда радио технологик жиҳатдан ўзгаришда давом этади, лекин ўзининг инсоний моҳиятини йўқотмайди. Чунки келажакда ҳам, аввалгидек, одамларга нафақат контент, балки жонли овоз, ишонч ҳисси зарур, энг асосийси, дилкаш суҳбатдош зарур!

Ўзбекистон овози замон ва маконни ёриб ўтишга – ўтмишдан келажакка, она юртимиздан жаҳон йўлларигача етиб боришга қодир экан, мамлакатимиз ҳам харитада, ҳам ўз одамлари қалбида ягона бўлиб қолади.

Бутунжаҳон радио куни билан табриклайман!

Байрамингиз билан!

Manba: Telegram